“Табиий ресурсларни барқарор бошқаришда рақамли технологиялар кластери” очилди

Доимий изланиш ва ҳаракатда бўлиш юрт тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилади. Фаолиятнинг икки қаноти бор бўлиб, бу ташаббускорлик ва ташкилотчиликдир. Янги йил олдидан  кенгқамровли фаолиятнинг нишонаси сифатида яна бир янгиликни эътироф этиш ўринлидир. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Табиий ресурсларни барқарор бошқаришда рақамли технологиялар кластери” АКФА Group компанияси ҳомийлигида ташкил этилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирни институт ректори, профессор Ўктам Умурзаков кириш сўзлари билан очиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга сўз бердилар. Улар Президентимиз Мурожаатномасидаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек, тадбирда Республика Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, АКФА Group компанияси директорлар кенгашининг раиси Аброр Ғаниев  ва бошқа нуфузли раҳбарлар иштирок этишди.

Ушбу кластернинг мақсади масофадан зондлашнинг замонавий усуллари ва географик ахборот тизимлардан фойдаланган ҳолда, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ердан фойдаланиш, геодезия ва картография, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришини баҳолаш бўйича ситуацион (вазиятли) жараёнларни кузатиш, назорат қилиш бўйича тадқиқотлар амалга оширишдан иборат. Институтда Европанинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик доирасида кўпгина профессор-ўқитувчилар, докторант ва магистрантларимиз ўтган 15 йил давомида ушбу қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида масофадан зондлаш, географик ахборот тизимлардан фойдаланиш бўйича янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришларига, уларни амалиётда қўллашга эришдилар.

Жумладан, 2003 йилдан бошлаб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Нидерландиянинг Вагиненгин университети билан ҳамкорликда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (Геоахборот тизимлари) ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (халқаро ер ва сув ресурсларини бошқариш) магистратура мутахассисликлари бўйича икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйилди. Ўқишлар инглиз тилида ташкил этилди. Ҳозирга қадар 50 нафар магистрантлар ушбу дастур асосида қўшма магистратурада ўқишди. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган 15 нафар магистрантларга Вагиненгин ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “магистр даражаси” дипломлари берилди.

Бундан ташқари, 8 нафар магистрантларнинг  диссертация ишлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти ва Вагиненгин университети профессорлари раҳбарлигида “Ўзбекистон шароитининг атроф-муҳит муҳофазаси муаммолари ва географик ахборот тизимлари” бўйича тадқиқотлар олиб бориб, ҳамкорлик доирасида Вагиненгин университетининг дипломларини олишди. Вагиненгин университетининг 34 нафар талабалари ТИҚХММИ базасида ўзларининг тегишли амалиётлари ва диссертация тадқиқотларини амалга оширишди.

Умуман олганда, хорижий университетлар: Вагиненгин университети (Нидерландия), Бонн университети (Германия), Вайнштефан университети (Германия) билан 194 нафар магистрантлар, жумладан 92 нафари “(Қишлоқ ва сув хўжалигида) Атроф-муҳит муҳофазаси” мутахассислиги бўйича магистр кадрлар қилиб тайёрланди. Ҳозирги кунда магистратура битирувчилари Ўзбекистон, Голландия, Германия, Швеция, Словакия, Япония, Италия ва Австриянинг етакчи университетларида ўз илмий изланишларини олиб бормоқдалар. Улардан Ўзбекистонда 5 нафари фан номзоди, 20 нафари фалсафа доктори(PhD)илмий даражаларини олишди. Вагиненгин университети ва ТИҚХММИ олимлари биргаликда ўсимликлар индекслари асосида шўрланиш ва тупроқ деградациясини баҳолашнинг янги услубиятини ишлаб чиқдилар. Дунёда илк маротаба Сирдарё вилояти мисолида тупроқ шўрланишини ўсимликлар космик термографияси усули билан баҳолашда қўлланилди.  Ҳозирги кунда Австралиялик олимларнинг қизиқишлари асосида Австралияда пахта ва дуккакли дон маҳсулотларини етиштиришда ушбу услубдан фойдаланган ҳолда тадқиқотлар олиб борилмоқда.

ТИҚХММИ матбуот хизмати