Жўш урган улуғ халқ қудратининг куйчиси

Адиблар хиёбонида сайр этган киши ажиб бир манзаранинг гувоҳи бўлади. Анвойи гуллар ва дарахтлар билан музайян этилган сўлим боғда қад ростлаган, адабиёт ва санъатимиз равнақига улкан ҳисса қўшган адибларнинг ҳайкаллари олдида бўлганингизда, улар сиз бизни қай даражада биласиз, деган саволомиз назар билан қараб тургандек бўлади. Беихтиёр уларнинг ёзган асарлари, қолдирган адабий мероси билан қизиқасиз ва ҳаётий фаолияти кўз олдингизда жонланибгина қолмай, сизда масъулият ҳисси билан мажбурият бурчини англатаётгандек бўлади. Адабиётга яқинлашиш маърифат, маънавият, маданият билан ошна бўлиш демакдир. Ушбу хайрли ва маърифий мақсадни назарда тутган ҳолда, ташаббус билан чиққан Президентимизнинг "Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади.

Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак" - дейишларида улкан мақсад, оммани илмга, китобга чорлаш ниятлари борлигини англаш қийин эмас.  Шунинг учун ҳам сўлим боғда жамулжам бўлган маърифат ва адабиёт дарғаларининг ҳар бири маънавиятнинг маёғи сифатида дилларни ёритади. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар бир олий таълим муассасасига улардан бири бириктирилган бўлиб, ўша таълим масканининг талабаларидан тортиб профессор ўқитувчиларигача белгиланган адибнинг ҳаётий ва ижодий фаолиятига доир маълумотларни тўла ўрганиб тарғиб қилиши талаб этилади. Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоасига эл севган адиб, Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Давлат мадҳияси матнининг муаллифи Абдулла Орипов ижодий ва ҳаётий фаолияти тарғиботининг бириктирилиши ҳам тасодифий эмас. Сабаби Абдулла Орипов ҳаётлик пайтларида ушбу таълим масканида бошқа олий ўқув юртларига нисбатан жуда кўп ижодий мулоқот ва учрашувлар уюштиргани маълум. Бунинг боиси борлигини институтда ташкил этилган адабий учрашувлардан бирида ўзлари шундай эътироф этган эдилар. "Ирригация, мироблик менинг қалбимга, руҳиятимга яқин. Болалигимдан бу касбга айрича меҳр билан қарайман.

Ёшлигимда илк шеърий машқларимни тинглаб баҳолайдиган яқин қардошимиз ҳам мироб эдилар. Ёзган шеърларимни илк бор эшитиб баҳоловчиси ўша ирригатор бўлган. Уларни мен чинакам устозим дейишга ҳақлиман. Чунки умр бўйи амал қилган ақидамга содиқ қолиб, собит туришимга уларнинг айтган сўзлари ва берган маслаҳатлари асос бўлган. Кунларнинг бирида бир шеър ёзгандим. Одатдагидек, уни илк тингловчиси бўлган ўша мироб эдилар. Улар далада эгатларга сув тараб кетмонига суянганча турардилар. Шеърни ўқидим, ўша пайтда анъана, расм бўлган мавзуда эди. "Кремлнинг юлдузи, порлар кеча-кундузи" ва ҳоказо давом этарди. Кетмонга суяниб ҳорғин тарзда турган мироб қардошимиз менга қараб шундай деди: "Шеърни зўр ёзибсан, қофияси ҳам, мазмуни ҳам жойида, лекин, сенга бир саволим бор, Абдулла, сен ўзинг Кремлни бориб кўрганмисан?"- дедилар. Мен донг қотиб қолдим. Демак, нимани кўрган бўлсанг, билган, ҳис этган нарсанг ҳақида ёзиш кераклигини менга ўша ирригатор ўргатганлар. Шунинг учун ҳам уларни илк устозим дегим келаверади доим". Мана, Абдулла аканинг эътирофи. Шундай экан, улуғ шоиримизнинг таълим муассасамиз билан боғлиқлик меҳри чандон устувор.

Бугун ТИҚХММИ институтининг бир гуруҳ педагог, профессор ўқитувчилари ва талабалари Адиблар хиёбонида буюк ва суюк адибимиз Абдулла Орипов сиймоси акс этган ҳайкал қошида "Жўш урган улуғ халқ қудратининг куйчиси" номли шоирни ёд этиш мазмунида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбир аввалида институт ёшлар бўйича проректор Рузимурот Чориев бошчилигида шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Тадбирда Абдулла Ориповнинг қизлари Шоирахон Орипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, истеъдодли шоир Бобур Бобомурод, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори Нурбой Жабборовлар иштирок этиб ўзларининг улуғ шоиримизнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ мулоҳазалари ва ўй-кечинмаларини ўртоқлашишди.

Шунингдек, институтимиз профессор ўқитувчиларидан Шоҳиста Ўлжаева, Рашид Ҳакимов, Ойбек Арифжоновлар шоир фаолиятининг турли қирралари юзасидан маълумотлар бериб ўтишди. Абдуҳаким аканинг шоир қаламига мансуб "Биринчи муҳаббатим" шеъри асосидаги қўшиқни ижро этганда барча сел бўлиб тинглади десак муболаға бўлмайди. Талабаларимизнинг шоир шеърларидан ифодали тарзда ўқиб беришлари ҳам даврага файз киритди. Маърифий мулоқот жараёнини "Ўзбекистон - 24" телерадиоканали информацион дастур учун ёзиб олди. Абдулла Орипов сиймоси, унинг шеърияти халқ ва давр оҳанги бўлиб барча замонларда янграб туришига шубҳа йўқ. Зероки, мангуликка муҳрланган сўз кучи ва қудрати абадул абад адабий бонг сифатида донг қозониб, не-не авлодлар онг-у шуурига нур ҳамда ғурур бахш этиб тураверaди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати