Конституция - истиқлол машъали

Ҳар бир халқнинг миллий қиёфатини намойиш этадиган рамзлари бор. Худди шу маъода, байроқ, герб, мадҳия қанчалик аҳамият касб этса, қомусимиз - номусимиз тимсоли бўлган Конституциямиз ҳам ана шундай катта моҳиятга эга. Ҳаммамизга аёнки,  ривожланган давлатларда инсоннинг яшаш тарзи, бутун ҳаёти ҳуқуқий мезонлар билан белгиланади. Бу жамиятнинг тартиб тизгинини, тузум ва тизимнинг моҳиятини ифода этувчи ҳужжат - мамлакат конституциясидир. Шунинг учун ҳам у Асосий қонун, бош қомусимиздир. Миллатнинг табиати, тийнати, урф-одати, маданияти, таълим олишдан тортиб дам олиш ҳуқуқларигача ҳуқуқий меъёрлар билан белгиланадиган ҳужжат бу. Мустақил Республикамизнинг Конституцияси қабул қилинганлигига 27 йил тўлиши муносабати билан  институтимизда катта маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда институтимизда фаолият юритаётган нуфузли академиклар, профессор ўқитувчилар иштирок этишди.

Тадбир аввалида давлатимиз мадҳияси янгради. Сўнгра ректоримиз профессор Ўктам Пардаевич Умурзаков барчани қутлуғ байрам билан муборакбод этди. Кейин эса юридик фанлар доктори, Тошкент давлат юридика институти профессори Мухамедов Хайдарали Мелиевич конституциянинг тарихи ва бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти борасида қизиқарли маърузаси билан кўпчиликниг эътиборини қозонди. Ушбу тарихий ҳужжат ўзининг гуманистик ва демократик моҳияти билан халқимиз ўзлигининг кўзгуси, фуқаролик бурчи, масъулияти ҳамда мажбуриятларини тўла намоён этади.  Бугунги кунда эришилган ютуқ ва натижалар конституциямизнинг амалдаги кучига садоқат билан боғлиқ.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз чиқишларида мустақиллигимизнинг мазмун - моҳияти ва кучи халқимизнинг онг-у тафаккури, дунёқарашининг ўсиши ва ҳуқуқий саводхонлигининг тобора оша бориши билан боғлиқлигини таъкидлайдилар. Конституциямиз умуминсоний ғоялар - тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларни ўзида мужассамлаштирган. 2019 йил - “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” ўз шукуҳи ва залвори билан халқимиз ҳаётида чуқур из қолдирганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда замонавий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг қонуний асоси, диёримиздаги тинчлик ва осойишталик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда.

 Шу кунларда Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг йигирма етти йиллигини сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий ҳаётимизда ёрқин из қолдирадиган, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарихий сана сифатида кенг нишонлашга қаратилган маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари бошлаб юборилди. Бу тадбирларда Ўзбекистонда истиқлол йилларида, айниқса, кейинги уч йилда босқичма-босқич амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар ҳамда конституциявий жараёнларни, Ватанимиз тараққиётининг тарихий шарт-шароитлари, ҳозирги саодатли кунлар ва ёруғ истиқболимизни, халқимизнинг бунёдкорлик руҳи, улкан салоҳиятини чуқур таҳлил ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида институтимиз фаолиятига боғлиқ бўлган  2017 йил 24 майдаги ПҚ-3003-сонли “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2018 йил 8 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3702 қарорлари каби бир қатор ҳужжатларнинг соҳамизга бевосита боғлиқ экани, буни оғишмай амалга ошириш зиммамизда эканини, асло унутмаслигимиз керак. Ушбу қарорлар соҳада кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ўзгартириш ва замон талабларига мос баркамол мутахассисларни тайёрлаш борасидаги фаолиятимизда янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. 

Ҳозирги кунда институтимизда ҳам таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, жаҳондаги илғор олий таълим муассасалари билан икки томонлама диплом дастурини амалга ошириш, ҳамкорликда илмий педагогик кадрларни тайёрлаш тизими изчиллик билан йўлга қўйиб борилмоқда. Мазкур инновацион ҳамкорлик ва инвестицион фаолиятлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Шу уч йилнинг ўзидаёқ, институтимизда Япония, Хитой, Германия, Корея, Россия, АҚШ, Венгрия, Туркия каби хорижий давлатларнинг фан-таълим мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро конференциялар ҳамда имзоланган меморандумлар, илмий инновациялар шу йўсиндаги фикримизнинг исботидир. Кимё фани бўйича Нобель мукофотининг  совриндори Дан Шехтманнинг институтимизга ташрифи, институтимизнинг жаҳон рейтингида энг эътиборли, нуфузли ўринга эга бўлгани ҳам қувонарли ва бу ўз навбатида педагоглар жамоасининг ўз ишига масъулияти юқори бўлганлигини билдиради.

Институтда ҳар йилда талабалар учун фан олимпиадалари мунтазам ўтказиб келинади. Йилига 8-10 нафар талабалар фан олимпиадаларининг Республика босқичи ғолибликларини қўлга киритадилар. Ҳар йилда 3 нафар талаба ва докторантлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиясига, 7 нафари Беруний, Навоий, Ислом Каримов номли Давлат стипендияларига сазовор бўлиб келмоқдалар. Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш мутахассислиги 2-курс магистранти Ҳафизов Бунёджон Зайниддин ўғли, институтимизнинг Бухоро филиалидан Сув хўжалиги ва мелиорация таълим йўналиши талабаси Шукуруллаев Жамшид Бахтиёр ўғли Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳиби бўлганлари жамоамизнинг фахридир. Халқимиз томонидан катта шодиёналар билан нишонланаётган ушбу дамда барчангизни бардамлик, бирдамлик, байрами Конституциямизнинг 27 йиллиги билан чин дилдан қутлайман. Ҳаётингиз давомида ҳамиша қувонч, бахт ва омад сизларга ёр бўлсин. Адолат, қонун устуворлиги, ҳуқуқий бурч, ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси истиқболимиз ва истиқлолимизнинг ёғдуси, маёғидир.

 

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов