Хотира муқаддас-хотира шараф
Юнусобод тумани 53 сонли ўрта мактабда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон урушида ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини ёд этиш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллигини нишонлаш мақсадида 53 - мактаб маъмурияти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳарбий кафедраси ҳамкорлигида «ХОТИРА МУҚАДДАС-ХОТИРА ШАРАФ» мавзусида тадбир ташкил этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси Юнусобод тумани депутати Мусаев Улуғбек Йўлдошевич, «Анорзор» «Ҳуснобод» маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоллари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳарбий кафедра профессор ўқитувчилари ва талабалари, 53 - мактаб ўқувчилари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этишди. Тадбирни 53 - сонли мактаб директори Худоёрова Фируза Миркамиловна кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, депутат Мусаев Улуғбек Йўлдошевич тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади. Маҳалла оқсоқоллари сўзга чиқиб уруш давридаги қийинчиликлар ва уларни мардонавор енгиб ўтган ватандошларимизни хотирлашди.
Ҳарбий кафедра катта ўқитувчиси Эргашев Хайдар Икрамович мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини хотирлаб нутқ сўзлади. Тадбирнинг бадиий қисмида мактаб ўқувчилари томонидан Иккинчи жаҳон урушини акс эттирувчи кичик саҳна кўринишлари, мактабда спортнинг «Таэквандо» тури бўйича ташкил этилган тўгарак аъзоларининг кўргазмали чиқишлари, айниқса ҳарбий кафедра талабалари томонидан қўл жанги элементларидан ташкил топган кўргазмали чиқиши намойиш этилиши барча тадбир иштирокчилари томонидан қизғин кутиб олинди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти ҳарбий кафедраси бошлиғ И Р. Минлишев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов