Ўзбекистонда Европа университетлари билан ҳамкорликда фан докторлари тайёрланади
Таълим босқичларининг турли поғоналари билим эгаллаш ва уни амалиётга қўллаш даражалари билан боғлиқ. Докторантура таълими илмий маълумот, назарий қонуният ва амалий фаолиятининг юқори даражаси сифатида аҳамиятга моликдир. Европа Иттифоқи кўмагида молиялаштирилаётган “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” лойиҳаси доирасида очилаётган Геоинформатика ихтисослиги ана шундай моҳиятга эга. Лойиҳанинг асосий мақсади – геоахборот тизим ва технологиялари орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборатдир. Бугунги кунда геоахборот тизими кўплаб соҳаларда қўлланилиб, барқарор ривожланишга эришишда тезкор қарор қабул қилиш имкониятини яратади.
Мазкур лойиҳа доирасида 2017-2020 йилларда Ўзбекистондан жами 15 нафар фалсафа фан докторлари (PhD) тайёрланади ва 20 нафар илмий раҳбар ҳамда илмий маслаҳатчилар илмий педагог кадрларни тайёрлаш бўйича лойиҳанинг Европадаги ҳамкор ОТМлари – Обуда университети (Венгрия), Зальцбургдаги Париж Лодрон университети (Австрия), Қироллик технология институти (Швеция), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниц институти (Германия)да малака оширишга юборилиши билан бир қаторда геоахборот тизим ва технологиялари (GIS) йўналиши бўйича 18 та илмий оммабоп адабиётлар ҳаммуаллифликда яратилади ва лойиҳа ҳисобидан чоп этилади.
Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг 21-27 май кунлари лойиҳанинг координатори ҳисобланган Венгриянинг Обуда университетида ҳамкор ОТМлар координаторлари ва бошқарув ходимлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда лойиҳанинг Ўзбекистондаги етакчиси ҳисобланган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) бошчилигида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ҳамда Тошкент архитектура ва қурилиш институтидан жами 17 нафар ходим, шунингдек, лойиҳанинг Европа Иттифоқидаги ҳамкор ОТМлари вакиллари иштирок этишди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири – Геоинформатика бўйича янги докторантура (PhD) ихтисослигини очиш бўлиб, мазкур вазифанинг дастлабки босқичи амалга оширилди, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2018 йил 26 январдаги 249/5-сонли қарори билан тасдиқланган Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига янги 11.00.07 – “Геоинформатика” ихтисослиги киритилди.
Обуда университетида ўтказилган семинар-тренинг Ўзбекистондаги геофазовий фанлар бўйича барқарор докторлик дастурини бошқариш учун ёрдам беради. Унда лойиҳанинг дастлабки ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси даврда қилинадиган ишлар бўйича манзилли режалар яратилди, таълим сифати масалалари (таълим сифатини текшириш, баҳолаш ва таъминлаш) ҳамда таълим тизимини халқаролаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида 2018 йил 26 май куни Будапешт шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти ректори, профессор Ўктам Умурзаков ва Венгриянинг Обуда университети ректори, профессор Михай Регерлар ўртасида ўзаро халқаро илмий академик англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Венгрия Қишлоқ хўжалиги вазирлигида учрашув ташкил қилиниб, унда вазирлик, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда муҳандислик соҳасидаги бир қатор Венгрия ОТМлари ҳамда Венгриядаги Эрасмус+ офиси вакиллари томонидан тақдимотлар қилиниб, қатнашчилар ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича фикр ва тажриба алмашишди.
Ушбу семинар тўғрисида Венгрия маҳаллий оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этилиб, “Фехервар” телеканалида кўрсатув намойиш этилди.
Семинар-тренинг сўнгида қатнашчилар томонидан лойиҳа ва янги докторантура дастурини амалга оширишда бошқарувни яхшилаш бўйича қатор тавсиялар берилди.
https://kun.uz/uz/news/2018/05/31/uzbekistondagi-institutlardan-biri-evropa-universitetlari-bilan-amkorlikda-fan-doktorlarini-tajerlasni-julga-kujdi