Гидропоника: ташландиқ ерни ҳам хазинага айлантирувчи усул

Мамлакатимизда барча соҳалардаги каби, қишлоқ ва сув хўжалигида ҳам илғор технологияларни, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этишда кенг имкониятлар яратилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида сўнгги йилларнинг илғор кашфиёти сифатида Гидропоника типидаги иссиқхоналарни келтиришимиз мумкин.

“Ирригация ва мелиорация” кафедраси ўқитувчилари Юлчиев Даврон, Тожиев Суннат, Маликов Элёр фаол талабалар билан биргаликда Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган “Дурдона сифат люкс” корхонаси томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасига ташриф уюштирилди.

 

“Дурдона сифат люкс” МЧЖ томонидан жами 9 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган бўлиб, 2 гектари тупроқ шароитида ва 7 гектар Жанубий Кореянинг “Myung Sung Placon” компанияси инновацион технологиялари асосида, гидропоника усулида помидор кўчатларини етиштириш йўлга қўйилган. Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

 

Гидропоника типидаги иссиқхонанинг афзаллиги шундаки, махсус унумдор ерга зарурат йўқ. Тўлиқ автоматлаштирилган назорат тизими билан бошқарилади. Жойдан максимал даражада фойдаланиш имконияти мавжуд. Тежамкор усулда суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд. Оддий иссиқхоналарга нисбатан сув 60–70 фоизгача, иссиқлик эса 25–30 фоизгача тежалади.

Хўжалик раҳбарининг таъкидлашича, анъанавий иссиқхона шароитида бир туп помидор кўчати ўртача 3 килограмм ҳосил тугса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 10-12 килограммгача етади.

 

Ҳозирги кунда хўжаликда маҳсулотни халқаро андозалар талаблари даражасида қадоқлаш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, этиштирилган маҳсулотнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ташриф мобайнида талабалар гидропоника усули ёрдамида помидор кўчатларини етиштириш ва уларни суғориш технологиялари билан танишишди ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга хўжалик раҳбаридан жавоб олишди.

Бу каби ташрифлар таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаган ҳолда, талабаларни келажакда соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.

 

Ахборот берди “Ирригация ва мелиорация” кафедраси ассистенти

Юлчиев Давронбек Гуламович

ТИҚХММИ матбуот хизмати