Талабаларнинг инновацион ишланмалари сув хўжалиги тизимига жорий этилади
Жорий йилнинг 28 июн куни “Инновация ва илмий тадқиқотлар кластери”да Институтнинг Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими ва Cув хўжалиги вазирлигининг Инновацион технологияларни жорий қилиш ва таълим бошқармаси ҳамкорлигида “Иқтидорли талабаларнинг инновацион ишланмаларини сув хўжалиги тизимига жорий этиш” борасида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Cув хўжалиги вазирлиги Инновацион технологияларни жорий қилиш ва таълим бошқармаси бошлиғи Р.Қаршиев, бошқарма етакчи мутахассиси И.Акрамов, ТИҚХММИ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Т.Султанов, Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Ш.Имомов, Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими бошлиғи М.Саримсақов, бўлим сектор мудири Н.Шайманов, етакчи муҳандис О.Абдисаматов ва институтнинг иқтидорли талабалари иштирок этишди.
Талабалар томонидан яратилган Каналларни тозалашда бетон қоплама сифатини сақлаш ва экскаватор тишларини ресурсини оширувчи қурилма, “Ecofreezeri” экологик тоза совутгичи, “Smart Farmer” мобил илова, Сув ўлчаш иншоотлари учун мобил илова, Инновацион пенолоток, “Гидроэлектрометр” гидротехник иншоотларда сув сатҳини ўлчашни автоматлаштирилган инновацион технологияси сингари 11 та янги ишланмалар муҳокамадан ўтказилди.
Ушбу ишланмалар ичидан Каримова Дурдона Фазлиддин қизининг “Намлик ва ҳароратни аниқлаш” қурилмаси, Хамроева Шахноза Аминжон қизининг “MEASURING WATER LEVELS IN WELLS” қудукдаги сув сатҳини ўлчаш қурилмаси ва Юсупов Мухаммадсодиқжон Сиддиқжоновичнинг “Телефон орқали чўкма насос станциясини бошқариш” GSM-технологияси қурилмаси Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари томонидан саралаб олиниб, амалиётга жорий этиш учун тавсия қилинди.
Бошқа қурилма ва дастурларни такомиллаштириш борасида таклифлар берилди. Тадбирда иштирок этган талабалар Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиқлари ва етакчи мутахассисларига инновацион-ишланмалар бўйича берган фикр мулоҳазалари учун ўз миннатдорчилигини билдирдилар.
Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими сектор мудири Н.Шайманов маълумоти.