Тошкент ер ресурсларидан фойдаланиш, геодезия ва давлат кадастрлари институти ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тошкент ер ресурсларидан фойдаланиш, геодезия ва давлат кадастрлари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг геодезия, картография, ер ресурслари ва давлат кадастрларини бошқариш йўналишида республика олий таълим муассасаларида тайёрланаётган таълим йўналишларини оптималлаштириш орқали Тошкент ер ресурсларидан фойдаланиш, геодезия ва давлат кадастрлари институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Белгилаб қўйилишича, Институт ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқариш, геодезия, картография ва тегишли давлат кадастрлари соҳаси учун кадрлар, шу жумладан, юқори малакали илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқариш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари соҳаси, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий асослари юзасидан замонавий билимларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали мутахассис кадрларни мамлакатимиз ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
геодезия ва картография ўқув-лаборатория базасини барпо этиш, ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва автоматлаштирилган замонавий илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали олий таълим муассасаси битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;
хорижий мамлакатларнинг ер ресурсларидан фойдаланиш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари соҳасидаги тажрибасини ҳамда республикамизда мавжуд илмий салоҳиятни чуқур ўрганган ҳолда ўқув-услубий адабиётларни яратиш, шунингдек, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш;
профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;
соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, соҳа йўналишидаги касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, уларда сифатли таълим берилишини ташкил этиш;
битираётган кадрларни ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш, уларнинг касбий фаолияти мониторингини тизимли ташкил этиш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги етакчи республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
истиқболли ёш битирувчиларни хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг магистратура ва докторантурасида таълим олиши учун мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;
республика ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқариш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари соҳаси мутахассисларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агроинспекция ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш.
Қуйидагилар белгиланиши мумкин:
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
Давергеодезкадастр қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Институтнинг барча ходимлари учун уларнинг таълим сифатига ва Институтнинг ривожланишига қўшган амалий ҳиссалари учун базавий лавозим маошлари миқдорига эллик фоизгача устама қўшиб ҳисобланади.
Институтда ўқишнинг сиртқи таълим шакли ташкил этилиши назарда тутилади.
Давергеодезкадастр қўмитаси ҳар йили 1 июлга қадар буюртмачиларининг эҳтиёжларини ўрганиш асосида Институтда сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталарини шакллантириш юзасидан асосланган таклифларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига киритилишини таъминлайди.
Бунда, сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари 2019/2020 ўқув йилида Институт бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган қабул квоталарининг ўттиз фоизигача бўлган миқдорда белгиланади.
Манба: кун.уз