Моҳиятли меморандум

Инновацион ғоялар ва технологиялар ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш замирига қурилса, давлатлараро манфаатли ривожланиш таъминланади.  Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги Озиқ - овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасидаги илмий-назарий ва амалий муносабатларни йўлга қўйиш бўйича илк бор ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 
Ерга ишлов бериш технологияси, аниқроғи, тупроқни ҳимояловчи ресурс тежамкор технологияларини янада кенг жорий этиш бўйича кластер яратиш лойиҳаси ҳам жорий йилнинг 29 август куни имзоланган меморандумнинг асосий мақсадларидан биридир. Шунингдек, халқаро конференция ва турли йўсиндаги семинарлар ташкил этиш ҳам меморандумнинг таркибига киради.  Жорий йилнинг 5 ва 7 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция ҳам ана шу ҳамкорлик меморандумининг амалдаги ижросидир. Ушбу конференция номиданоқ, унинг катта аҳамиятга эга эканини сезиш қийин эмас. Унда 70 га яқин хорижий давлатлардан ташриф буюрадиган мутахассислари иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Ўйлаймизки, “Марказий Осиё қишлоқ хўжалигида тупроқ ҳимояловчи ресурс тежамкор технологияларини ривожлантириш стратегияси” мавзуидаги ушбу Халқаро конференция Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 2017 - 2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг айрим бандлари ижросига бевосита дахлдор экани билан ҳам қийматлидир. Меморандумни институтимиз ректори Ў.Умурзаков ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги вакили ёрдамчиси  Алишер Шукуров имзоладилар.

 

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов