“Халқаро қизлар куни”га бағишланди
Маълумки, Халқаро қизлар кунига 2012 йил, 11 октябрда БМТ Бош ассамблеясида асос солинган. Ушбу кун қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига бутун дунёнинг эътиборини қаратиш мақсадида ҳар йили 11 октябрда нишонланади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Хотин-қизлар кенгаши ташаббуси доирасида "Халқаро қизлар куни" муносабати билан қизлар форуми ташкил этилди. У 2020 йил 11 октябрь соат 16:00 да ZOOM платформасида ўтказилди. Унда барча аёл профессор-ўқитувчилар ва ходимлар, факультетлар ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовинлари, факультет мураббийлар кенгаши раислари, барча факультет талаба-қизлари иштирок этишди.
Фестивални ўтказишдан асосий мақсад қизларнинг билим олишига, китоб ўқишига бўлган қизиқишини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, шу билан бирга, уюшмаган қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг кийиниш ва муомала маданиятини ошириш, онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, бугунги ислоҳотларга фаол муносабатларини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларни оилавий ҳаётга тайёрлашдан иборат. Модератор тадбир моҳияти ҳақида сўз юритиб онлайн даврани очиш ва табрик учун институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевичга юзланди. Ректор Президентииз раҳнамолигида хотин-қизларга имтиёз ва имкониятлар борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, гендер тенглиги, жумладан, институт миқёсида амалга оширилган режалар ва ютуқлар борасида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Сўнгра "Жамиятда аёллар роли" мавзусидаги видеотақдимот намойиш этилди. “Кийиниш одоби ва ўзини тутиш маданияти”мавзуси бўйича институт Хотин-қизлар кенгаши раисаси, профессор Зуҳра Карабаевна Исмаилова маъруза қилдилар. Мавзуга дахлдор бўлган фактларни тақдимот дастури орқали намойиш этишлари асносида тўла ва мавзу юзасидан муфассал маълумотлар келтирдилар. Талабаларнинг ижодий ишлари акс этган видеоролик намойишидан сўнг талаба қизлар ва уларнинг оналари ўз табрикларини изҳор қилишди. Айни пайтда таклиф ва тавсияларини ҳам билдиришди. “Дизайн тўгаракларида ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш методикаси” мавзусида Ўзбекистон бадиий Академияси Ижодий уюшмаси аъзоси Раджапова Зухра Тиркашовнанинг суҳбати мароқли бўлди.
Қизлар фестивалига талаба қизларимиз томонидан ўзларининг ижодий ишлари ва қўл меҳнатлари бўйича тайёрлаган тақдимот ва роликларидан намуналар намойиш этилди. Улардан кейин ёқимли куй фонида қизлар томонидан тайёрланган видеороликлар қатнашувчилар эътиборига ҳавола этилди. Фестиваль доирасида иқтидорли қизларнинг турли соҳалардаги ижод намуналари кўргазмаси, ноёб ва инновацион ғоялар намойиши, қизлар мушоираси, миллий либослар намойиши, ёш рассом қизлар кўргазмасининг ташкил этилиши ва ғолибаларнинг рағбатлантирилиши мақсадга мувофиқ бўлди.
Фестивал якуни бўйича “Қизлар куни" байрамида қизларимизнинг кўргазмалар тақдимоти бўйича эълон қилинган конкурс натижалари юзасидан “Гуманитар фанлар”кафедрасининг мудири, профессор Шоҳистахон Ўлжаева раис сифатида якуний натижаларни айтиб, ғолиблик ўринларини эълон қилдилар. Фестиваль якунлари бўйича ўз фаолиятида юксак марраларга эришган қизлар тақдирланади. Сўнгра форумни якунлаш учун сўз институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурат Чориевга берилди. Улар ташкилотчиларга самимий миннатдорчилигини билдирар экан, совға ва совринлар билан бирга талаба қизларни тарбиялаб ҳунар ўргатган, шароит яратган ота-оналарига ҳам ташаккурномалар юбориш кераклигини қайд этдилар.
ТИҚХММИ матбуот хизмати