“Бошқарув психологияси: Инсонларни англашни ўрганамиз” мавзусида онлайн вебинар-тренинг ўтказилди
2020 йил 28 апрель куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Педагогика, психология ва фанларни ўқитиш методикаси” кафедраси томонидан кафедра профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда ҳоҳловчилар учун Zoom онлайн платформаси орқали “Бошқарув психологияси: Инсонларни англашни ўрганамиз” деб номланган вебинар-тренинг ташкил этилди. Мазкур вебинар-тренингда “Педагогика, психология ва фанларни ўқитиш методикаси” кафедраси доценти Д.Мукумова модераторликни олиб борди. Ўтказилган ушбу вебинар муайян бир мавзуни масофадан туриб тушунтириш ёки дарс ўтишдангина иборат бўлмай, балки кафедра ихтисослиги ва фаолият йўналишлари доирасида замонавий ахборот технологияларини таълим жараёнига қўллаш ва таълим жараёнида янги педагогик технологиялардан фойдаланиш борасида ҳам амалий ҳаракатнинг бир кўриниши ҳисобланади.
Ҳозирги пандемия шароитида республикамизда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларида дарсларни онлайн кўринишга келтириш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Шу жумладан, институтимизда ташкил этилган мазкур вебинар-тренинг бу амалий ишларнинг мантиқий давомчиси ҳисобланади. Мазкур платформа орқали вебинар ташкил этиш кафедра профессор-ўқитувчиларининг уй шароитида бир-бирлари билан мулоқот олиб боришлари ва янгилик алмашишлари юзасидан қулай имконият яратилди. Шунингдек, вебинарга уланган институт талабаларида ҳам берилган топшириқларни мустақил бажариши жараёнида мазкур таълим кўринишига нисбатан мотивация шаклланмоқда. Бу албатта ижобий томонга қўйилган муҳим қадам.
Бу каби вебинарлар ташкил этиш орқали ёшларнинг танқидий тафаккурига йўналтирилган хилма-хил фикрлар муҳокамаси, олинган маълумотларни, маданий-маърифий ва тарихий феноменлар ҳамда аниқ ўқув жараёнини таҳлил этиш қобилиятини шакллантиришга эришиш мумкин. Мазкур жараёнда турли соҳа вакилларидан иборат тажрибали мутахассислар салоҳиятидан фойдаланиб масофавий таълим лойиҳаларини амалга ошириш келажакда янгича кўринишда таълим сифатини оширилишига замин яратади. Шу билан бирга, институт таълим-тарбия тизимига янги инновацияларни жорий қилишда бу каби вебинар дарсларни ташкил этиш ёшлар ижодий тафаккури ва ижтимоийлашувига ҳамда уларнинг маънавий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилиши табиий.
Бугунги кундаги мавжуд вазият шуни кўрсатадики, ўқув жараёнига кўпроқ замонавий технологияларни жорий этиш зарурати катта. Ҳар бир педагог замон билан ҳамнафас, ўз устида кўпроқ ишлаши, таълим жараёнида рўй бераётган янгиликларни чуқур идрок эта билиши ҳамда инновацион технологиялардан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Вебинар-тренинг мазмунли ва қизиқарли ўтиши баробарида иштирокчилар томонидан саволлар ва мунозараларга бой бўлди. Якунида иштирокчилар томонидан ташкилотчиларига янги педагогик-технологияларга асосланган вебинар-тренинг кутилгандан ҳам мазмунли ўтгани хусусида ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Бу каби вебинар-тренингларни янада кўпроқ ташкил этиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
ТИҚХММИ матбуот хизмати