Буюк мутафаккир таваллудининг 580 йиллигига бағишланди
Сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида илк маълумот берувчи манба бу шубҳасиз, у зотнинг ўз асарларидир. Шоир гарчи ўз таржимаи ҳолини махсус ёзиб қолдирмаган бўлсада, лекин Навоийнинг деярли барча асарларида унинг шахсияти, ижодий ва ижтимоий фаолияти ҳақида муайян фикрлар келтирилган. 2021-йилнинг 9-февраль санасида Тошкент ирригатция ва қишлоқ хўжалигини механизатциялаш муҳандислари институити Бухоро филиалининг Маданият саройида улуғ мутаффаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллиги муносабати билан “Беш асрким назмий саройни” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни Республика маънавият маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари А.Ҳакимов очиб берди ва ўз сўзида ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг шоири, мутаффаккири ва давлат арбоби бўлган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини сидқидилдан ўрганиш инсонда маънавий юксалиш ва камол топишида қанот бўлишини айтиб ўтди. Шунингдек, филиалнинг “Ижтимоий гуманитар, жисмоний маданият ва спорт” кафедраси мудири Т. Худойқулов томонидан Алишер Навоийнинг шоир ва давлат арбоби сифатида босиб ўтган йўли, қилган ишлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисмига ўтилди. Унда филиалнинг иқтидорли талабалари томонидан тайёрланган рақслар, Навоий ижодидан ғазаллар ва саҳна кўринишлари, Навоий ҳақидаги видео-роликлар намойиш этилди. Айниқса, Алишер Навоий ғазалларидан куйланган жонли ижродаги қўшиқлар тадбир қатнашчилари томонидан илиқ кутиб олинди.
Тадбир сўнгида филиалнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси ўқитувчиси М. Мирханова сўзга чиқиб, тадбир иштирокчилари ва қатнашчиларини ушбу кун билан муборакбод этган ҳолда бугунги маданий-маърифий тадбирдан олган улкан таассуротлари ҳақида сўз юритиб тадбирга якун ясади.
ТИҚХММИ Матбуот хизмати