Ер ресурсларини бошқриш бошқариш факультетида сумалак сайли

Хушбўй ифорингни тутдинг димоққа,

Тўққиз ой мен интиқ кутганим, Баҳор.

Бирйўла буркайсан буткул борлиқни

Ранг-баранг гулларга такрор ва такрор...

Шоир куйлаган баҳорни ким ҳам соғинмайди дейсиз. Дунёда бормикин баҳорни соғинмайдиган, баҳорни кутмайдиган инсон. Фасли навбаҳор яқинлашиши билан бутун борлиқ уйғона бошлайди. Ҳамма баҳорга пешвоз чиқади. Дошқозонларда сумалаклар пиширилади.  Ер ресурсларини бошқариш факультети жамоаси ҳамда талаба-ёшлари ҳам энг сўлим бу фасл­ни баланд руҳ билан қарши олди.  Бугун факультетга қарашли талабалар турар жойида факультети декани Ш.Нарбаев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова, “Ердан фойдаланиш” катта ўқитувчиси З.Ҳафизова ҳамда институтимиз психологи М. Мухамедова лар ташаббуси билан  сумалак ва ош тошкиллаштирилди.  Дарвоқе, сумалак сайли Наврўз байрамининг узвий бир қисми, миллий ва умуминсоний қадриятларимиздандир. Сумалак Наврўзнинг шоҳ таоми ҳисобланиб, хушхўр ва тансиқ саналади. Ёшу қари томонидан суюб истеъмол қилинади.

Минг дардга даводир. Баъзи маълумотларга кўра, унинг тарихи 3000 йилдан ошиқ. Азалдан баҳор фаслида, Наврўзнинг бошланишида тайёрланиб келинган. Амир Темур даврига оид тарихий, адабий манбаларда ҳам сумалак сайли билан боғлиқ анъаналар Наврўз байрамининг таркибий қисмларидан бири сифатида келиши улуғланади. Биз азалдан биламизки сайллар қир-адирларда, боғларда, шаҳарларнинг катта майдонларида, регистонларда, чорсу ва расталарда, муқаддас қадамжоларда, маҳалла, гўзарларда ўтказилиб, бир ҳафтадан бир ойгача давом этган. Бугуги 1 талабалар турар жойидаги профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида тайёрланган сумалак ва ош кўпчиликка улашиб чиқилди. Одамлар сумалакни татиб кўриш арафасида, баҳорга етганига шукр қилиб, йилнинг яхши, хайрли, баракали келишини тилаб дуолар қилишган.

Сумалак сайли базмлар, куй-қўшиқлар, уғил болалар ўртасида тош кутариш, кураш, қизлар ўртаси турли қўл мехнатидан яратилган тақинчоқлар кўргазмасига уланиб кетди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки нафақат сумалак ялашнинг, уни тайёрлашнинг ҳам гашти бўлакча бўларкан. Ҳамма талабаларимиз билан сумалагимиз ширин бўлишини, орзу-истакларимиз ижобатини тиладик. Барча устозлар ва талабаларни қозон атрофида куй-қўшиқлар уззу-тун тинмади. Яратгандан қилган тилакларимиз, саъй-ҳаракатларимиз зое кетмади. Сумалагимиз ниҳоятда ширин бўлди. Тўкин дастурхон атрофида базми-жамшидни Наврўзи айёмга бағишладик. Байрам шодиёналари, сумалак сайли қалбларимизни фахру ғурурга тўлдирмоқда. Илоҳим шу кунлардаги тилак ва ниятларимиз ижобатини кўрмоқлик барчамизга насиб этсин.

 

ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти

ТИҚХМММИ матбуот хизмати