Педагог портретига доир
Педагогнинг қалбу қиёфати, билими, ҳаракати истиқбол иморати пойдеворига қўйиладиган ғиштнинг пишиқ ёки хомлиги демакдир. Инглиз олими Девид Хомский бу масалага ўз эътиборини қаратган ҳолда, илк бор компетенция тушунчасини илм-фанга олиб кирган. Компетенцияга бўлган муносабатига қараб педагогнинг портретини чизиш мумкин. Глобаллашув замонида замонавий педагогнинг қиёфати, имижи, интеллектуал салоҳияти, бир сўз билан айтганда, портрети қандай бўлиши кераклиги бутун дунё таълим тизимидаги ўзак масаладир. Шу хусусдаги вебинар - мунозара сизни ҳам қизиқтириши табиий. Жорий йилнинг 2020 йил 27 май куни соат 10.00 да Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “ЗАМОНАВИЙ ПЕДАГОГ ПОРТРЕТИ - МУТАХАССИС ОЛИМЛАР НИГОҲИДА...” мавзусида ВЕБИНАР - МУНОЗАРА ўтказилди. Маърузачи сифатида педагогика фанлари доктори, профессор Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети “Педагогика, психология” кафедраси мудири, педагогика фанлари доктори, профессор Айниса Мусурмонова иштирок этдилар. Улар педагог портретини яратишда коммуникатив компетенциянинг роли билан боғлиқ мулоҳазаларини билдирдилар.
Маълумки, Таълим компетенцияси ўқувчининг келажакдаги тўлақонли ҳаётидаги фаолиятини моделлаштиради. Масалан, фуқаро маълум бир ёшга етгунга қадар айрим компетенцияларни ҳаётига татбиқ эта олмайди. Бу, албатта, шакллантириш шартмас дегани эмас. Масалан, ўқувчи мактабда фуқаролик компетенциясини ўзлаштирса-да, уни ҳаётда мактабни битирганидан сўнг ишлатади. Шунга кўра бундай компетенциялар ўқиш даврида таълим компетенцияси сифатида намоён бўлади. Таянч компетенцияларнинг дунё бўйича ягона қабул қилинган рўйхати йўқ. Чунки ҳар бир мамлакатнинг ёки ҳудуднинг ўз анъаналари, менталитети ва ўзига хос талаблари бор. Компетенция – жамиятнинг ўз фуқароларига қўйган ижтимоий буюртмаси бўлиб, уларнинг рўйхати муайян мамлакатдаги ёки ҳудуддаги ижтимоий муҳит билан белгиланади. Бундай келишувга ҳар доим ҳам эришиб бўлмайди. Масалан, Швейцария ва Америка Қўшма Штатларининг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳамда таълим статистикаси Миллий институтининг “Таянч компетенцияларни танлаш ва аниқлаш” номли лойиҳасида ҳам таянч компетенцияларни қатъий равишда аниқлаб олишнинг имконияти бўлмаган.
Педагогнинг сиёсий, ахборот ва маънавий компетенцияси ҳар доим керак бўлиши тайин. Тажрибадан фойдали хулоса ёки натижа чиқариб олиши, турли фанларга ва соҳаларга оид билимларини ўзаро боғлай олиши ва уларни тизимлаштиришни, ўзининг шахсий ўрганиш усулларини ташкил қилиш(ўрнатиш)ни, муаммоларни мустақил еча олишни билиши ҳам коммуникатив компетенцияни ташкил қилади. Маърузадан сўнг профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг масофавий тарздаги саволлари эълон қилинди. Маърузачи уларга тўла - тўкис жавоб берди.
Ушбу виртуал мулоқот кўпчиликда илиқ таассурот уйғотиши билан бирга мавзу борасида кенгқамровли билим бергани билан ҳам аҳамиятлидир. Институтимизнинг "ПЕДАГОГИКА, ПСИХОЛОГИЯ" кафедрасининг ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан амалга оширилган ушбу вебинар семинар олий таълим муассасалари педагоглари, фан мутахассислари билан ҳамкорликни доимий равишда йўлга қўйиш заруратини ҳам англатди.
Вебинар-мунозара якунида институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Рўзимурод Чориев маърузачи профессор Айниса Мусурмоновага институт раҳбарияти номидан ўз миннатдорчилигини билдирди.
"Гуманитар фанлар" кафедрасининг ассистенти Б. Муқимов
ТИҚХММИ матбуот хизмати